О месте терминов автодорожного строительства в системе языка
Автойўлсозлик терминларининг лисоний тизимдаги ўрни
Валиев Туйчи Коржовович,
соискатель Каршинского государственного университета, Узбекистан.
В статье изложены лексический пласты гончарной лексики узбекского языка. А также рассмотрены источники обогащения терминов данной отрасли и их лингвистический особенности.
Ўтган аср охири ва янги аср ибтидосида ўзбек тили лексикасини система сифатида ўрганиш бўйича улкан ишлар амалга оширилди. Бу борада Ҳ.Неъматов ва Р.Расуловларнинг “Ўзбек тилининг систем лексикологияси асослари” асари ва у асосда яратилган қатор тадқиқотлар алоҳида эътиборга молик. Бажаралган тадқиқотларни икки гуруҳга ажратиш мумкин:
1) тил лексик тизимини лексемаларнинг тизимий уюшмалари сифатида талқин қилиш;
2) тил лексик тизимини идеографик система сифатида талқин қилиш.
Ҳар икки ҳолатда ҳам тил лексик тизими иерархик қурилишли яхлит система сифатида идрок қилинади. Биринчи ҳолатда улар маънавий умумийликлар ва хусусийликлар диалектикаси асосида “маънодан шаклга” тамойили бўйича қабул қилинса, иккинчи ҳолатда оламнинг лисоний тасвири тушунчасига таянилган ҳолда “тушунчадан тил бирликларига” тамойили асосида тасниф ва тавсиф қилинади. Ҳар икки ҳолатда ҳам тилнинг системавийлиги методологияси таянч омил вазифасини ўтаб, қўлга киритилган хулосалар бири иккинчисини инкор қилиш-қилмаслиги муаммоси пайдо бўлади.
Биз қуйида автойўлсозлик терминларининг ўзбек тилининг лисоний системасида тутган ўрни ҳақида сўз юритар эканмиз, ўрни билан уларнинг ўзаро муносабати масаласига маълум даражада ойдинлик киритишни тақозо қилади.
Автойўлсозлик терминларининг идеографик ўрнини аниқлашда оламнинг идеографик схемасини бериш билан шуғулланган олимларнинг айрим қарашларини келтириш ўринли деб ўйлаймиз. Албатта, фикрларимиз баёнида биздан олдин ҳимоя қилинган диссертацион ишлар (А.Собиров, Ё.Ҳамраева)да келтирилган иқтибосларга таянганимизни айтиб ўтишни лозим деб биламиз.
Тилшунос Ё.Ҳамраеванинг таъкидлашича, идеографик луғатчилик асосчиси М.Роже оламнинг идеографик манзарасини қуйидагича тасаввур қилади:
Биринчи макромайдон - мавҳум муносабатлар: 1.Турмуш. 2.Муносабат. 3.Миқдор. 4.Ҳаракат. 5.Сон. 6.Вақт. 7.Ўзгариш. 8.Сабаб.
Иккинчи макромайдон - борлиқ: 1.Умумий борлиқ. 2.Ўлчам. 3.Шакл. 4.Ҳаракат.
Учинчи макромайдон – материя: 1.Умумий материя. 2.Ноорганик материя. 3.Органик материя.
Тўртинчи макромайдон - идрок (ғоя): 1.Идрокнинг шаклланиши. 2. Ғоялар муносабати.
Бешинчи макромайдон – эрк: 1.Хусусий эрк. 2.Ижтимоий эрк.
Олтинчи макромайдон - ҳис-туйғулар: 1.Умумий ҳис-туйғулар. 2. Шахсий ҳис-туйғулар. 3.Эмоционал муносабатлар. 4.Ахлоқ. 5.Дин.
Бизнинг назаримизда, автойўлсозлик тушунчалари автомобиль тушунчаси асосида “Ноорганик материя” узви орқали учинчи, яъни “Материя” макромайдонига кириб боради.
Олиманинг таъкидлашича, Ф.Дорнзайфнинг 1939 йилда нашр қилинган идеографик луғатининг “анча ишлов берилган ва тўлдирилган кейинги нашрларида олам йигирмата макро майдонга ажратилган. Масалан:1)Жонсиз табиат. Нарсалар. 2)Ўсимликлар ва ҳайвонот дунёси. Инсон (тирик организм сифатида). 3)Фазо. Фазовий ҳолат. Шакл. 4)Ўлчам. Муносабатлар. Сабабият. 5)Вақт. 6)Дунё. Ранг. Товуш. Ҳарорат. Вазн. 7)Ҳолат. Ҳид билиш. Маъза-таъм (ички ва ташқи). 8)Ҳаракат. 9)Истак ва хоҳиш. 10)Сезгилар. 11)Туйғу. Ҳис-ҳаяжон. Характер қирралари. 12)Тафаккур. 13)Белги. Ахборот. Тил. 14)Ёзув. Билим. Илм-фан. 15)Санъат. 16)Жамият ва ижтимоий муносабатлар. 17)Асбоб-ускуналар. Техника. 18)Қишлоқ хўжалиги. 19)Ҳуқуқ. Этика. 20)Дин. Илоҳий мўъжизалар”.
Масалага бу нуқтаи назардан муносабата бўладиган бўлсак, автойўлсозлик терминлари “XVII. Асбоб-ускуналар. Техника” бандидан тармоқланиши аён бўлади. Назаримизда, ушбу тасниф асосида ўрганиш объектимизнинг идеографик схемасини беришда қулайлик туғдиради. Демак, “Автойўлсозлик тушунчалари тизими” “Автойўл” тизими орқали ушбу тизимга хослик касб этади. Бунда асосий муаммо автойўл тушунчасининг “йўл” ёки “автомобиль” идеографик тизимларидан қайси бирига кириши масаласида пайдо бўлади. Бу эса айнан ушбу ўринда лисоний ва идеографик тизимларни фарқлашни, тушунча ва маънони категорияларини фарқлаб муносабатда бўлишни тақозо қилади.
“Тилшуносликка кириш”, тилнинг фалсафий хусусиятларига бағишланган кўп сонли адабиётлар мажмуида маъно ва тушунча категорияларини фарқлашга доир кенг ва атрофлича фикрлар баён этилган. Биз уларнинг муносабатига доир мунозаралардан тийилган ҳолда, лисоний ва идеографик системаларни фарқлаш масаласи доир фикр юритиш юқорида қўйилган муаммо ечимига олиб келади деб ўйлаймиз.
Маъно ва тушунча фарқланар экан, уларнинг тизимий бирлашмаларида ҳам тубдан бўлмаса-да, тафовутлар бўлиши табиий. Зеро, лексемалар тушунчаларнинг, улар қандай тизимий яхлитлик касб этишидан қатъи назар, шунчаки ифодаси эмас.
Онгимизда йўл тушунчаси яхлит система сифатида йўлнинг турларини ифодалайдиган тушунчаларнинг мажмуидан иборат. Аммо муаммо шундаки, йўлни унда юрувчи (инсон, арава, автомашина, троллейбус, поезд, самолёт ва ҳ.)ларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Инсон онгида йўл инсон ёки транспорт воситаларисиз идрок этилмайди. Транпорт йўл тушунчаси билан, йўл эса транспорт тушунчаси билан диалектик яхлитликда қаралади. Бизнинг назаримизда, йўл ва унинг турларини ифодаловчи тушунчалар алоҳида идеографик система сифатида идеографик майдондан ўрин олиши керак эмас. Йўл ҳақида махсус фикр юритилгандагина унинг турлари ажратилади ва у бундай тасниф лексикологик аҳамиятга молик. Тўғри, йўл ва унинг турларини лексемалар орасида тур-жинс муносабати мавжуд бўлиб, йўл лексемаси ва унинг турларини ифодаловчи лексик бирлик мақомидаги лакуналар (автомобиль йўли, поезд йўли, самолёт йўли) орасида тушунчавий эмас, балки семантик (гипо-гиперонимик) муносабат мавжуд.
Идеографик ва семантик муносабатларни айнанлаштириш, қориштириш, ва, кўпинча, уларни бирини иккинчисининг давоми сифатида қараш ҳоллари, айниқса, идеографик бўлиш билан тематик таснифни фарқламаслик ҳоллари идеографик луғатчилик қадар қадимийдир. Масалан, тилшунос Ё.Ҳамраеванинг қуйидаги фикрларидан маълум бўладики, ана шу қоришиқ ҳолат Ҳ.Майер ишларида яққол кўзга ташланади: “Ҳ.Майернинг идеографик схемаси ярим шар кўринишига эга бўлиб, у Ернинг географик харитасини эслатади. Схемада немис тили лексикаси жами 100 та микромайдонга ажратилган. Ушбу микромайдонлар олтита ҳудуд (макромайдон) қамровига киритилган. Ана шу макромайдонларни Ҳ.Майер шартли равишда алифбодаги ҳарфлар билан тартиблаган. Муаллиф ўзининг идеографик схемасини тузишда сўзларнинг қўлланиш даражасидан келиб чиққан эди, яъни нутқда энг кўп қўлланувчи (умум истеъмолдаги) сўзлар ҳар бир ҳудуднинг юқори қатламидан, қўлланиш доираси чекланган (атамавий) сўзлар эса қуйи қатламлардан ўрин олган”. Ҳатто идеографик луғат тушунчаси мавжудлигинингг ўзи ҳам тушунчавий тизим билан маъновий (лексик) тизимни фарқламаслик оқибатидир. Чунки луғат сўзи сўзларга, аниқроғи, кенгроқ маънода, тил ҳодисаларига нисбатан қўлланиши ҳаммага аён ҳақиқат. Масалага ана шу тарзда чуқурроқ муносабатда бўлинса, олиманинг ўзбек тилининг ўқув идеографик луғатини феъл туркуми мисолида тузиш асослари ҳақидаги қарашларида ҳам мантиқий хатолик бордек туюлади. Зеро, феъл лисоний ҳодиса, идеографик схема эса мантиқий категория. Феъллар ифодалайдиган ҳаракатни ҳаракатни ҳосил қиладиган, вужудга келтирадиган субъектсиз тасаввур қилиш мумкин эмас. Борлиқда фақат асос сифатида нарса предмет (шахс) мавжуд ва бошқа ҳодисалар унинг маҳсули сифатида вужудга келади.
Айтилганлардан маълум бўладики, мантиқий идеографик тасниф билан лисоний мавзувий тасниф бошқа-бошқа ҳодисалар бўлиб, идеографик схема оламнинг нисбий объектив, онгсизона, стихияли лисоний тасвири бўлса, мавзувий тўдалар борлиқ ҳодисаларини ифодаловчиларнинг субъектив, онгли равишда шакллантирилган, мутлақо субъектив характерга эга жамланмаларидир. Бунда жамланма сўзини ишлатишдан мақсад ҳодисадаги субъективизмга урғу бериш, унинг аҳамиятини ёрқинроқ ифодалашга интилиш натижасидир. Бу, бир вақтнинг ўзида, оламнинг идеографик тасвири субъектив табиатли жамланма эмаслигини кўрсатади.
Масалага шу нуқтаи назардан ёндашув тадқиқ объектимиз бўлган автойўлсозлик терминларини лисоний тизим сифатида қараш мақсадидан келиб чиққан ҳолда унинг мавзувий гуруҳларини беришни тақозо қилади. Зеро, тадқиқотимиз, автойўлсозлик тушунчавий майдонининг унсурларини эмас, балки автойўлсозлик терминларининг мавзувий (тематик) гуруҳларини аниқлаш вазифасини бажаришимизни тақозо қилади.
Адабиётлар
1. Искандарова Ш. Лексикани мазмуний майдон асосида ўрганиш муаммолари.-Тошкент: Фан, 1998. –61 б.
2. Неъматов Ҳ., Расулов Р. Ўзбек тили систем лексикологияси асослари. –Тошкент: Ўқитувчи, 1995. – 128 б.
3. Менглиев Б.Р. Лисоний тизим яхлитлигида сатҳлараро муносабатлар: Филол. фан. докт.. .дис. – Тошкент, 2002. – 248 б.
4. Ҳамраева Ё. Идеографик луғат – тил бойлигининг хазинаси // Насаф зиёси. – Қарши, 2005. – № 4-5. – Б. 20-22.
Поступила в редакцию 10.11.2015 г.