ISSN 1991-3087
Рейтинг@Mail.ru Rambler's Top100
Яндекс.Метрика

НА ГЛАВНУЮ

Роль музыкального наследия предков в развитии личности

 

Примов Рашид Тошкулович,

старший преподаватель кафедры музыкального образования Каршинского государственного университета, Узбекистан.

 

Шахс камолотида аждодларимиз мусиқа меросининг ўрни

 

Примов Рашид Тошқулович,

Қарши ДУ Мусиқа таълими кафедраси катта ўқитувчиси.

 

Мусиқа санъати азалдан гўзал ва бетакрор таъсир кучи билан инсонларни бирлаштиришга, миллатлар ва элатлар ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатликни тарғиб этишга хизмат қилиб келади. Шу боис, кишилар яхши кунларини, хурсандчилик дамларини, албатта, мусиқа жўрлигида ўтказади.

Дунёда шундай мусиқалар борки, элат, миллат деган тушунчалардан қатъи назар, ҳар қандай кўнгилни ўзига ром эта олади, бинобарин, ўзига хос жиҳатлари билан инсон камолотини юксалтиришга хизмат қилади. Президентимиз И.А.Каримов «Юксак маънавият – енгилмас куч» асарида шундай ёзади: « Мусиқа садолари қайси халқ ёки миллат вакили томонидан ижро этилмасин, энг эзгу, юксак ва нозик инсоний кечинмаларни ифода этади».[1.140.]

Таъкидлаш ўринлики, юртимизда нафақат миллий мусиқа ижрочилиги, балки жаҳон мусиқа санътининг кўплаб йўналишларини чуқур ўрганиш, ўзлаштириш борасида катта ютуқларга эришилмоқда. Санъаткорларимиз, айниқса, ёш ижрочиларимизнинг нуфузли халқаро танлов ва фестивалларда совринли ўринларни қўлга киритаётгани барчамизга ғурур бахш этади.

“Мусиқа инсон ҳис-туйғуларини, орзу-умидларини, ҳоҳиш-истакларини ўзига хос бадиий тилда ифода этади ва кишининг ҳис-туйғуларига фаол таъсир этади. Мусиқа ҳам фан, ҳам санъатдир”[2.24.]

Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, қадим замонлардаёқ мусиқа «тилсиз фалсафа» деб эътироф этилган. Бу бежиз эмас. Чунки мусиқа атрофдаги ҳодисаларни, гўзалликни идрок этиш ва қадрлашга ўргатади, нозик дид ва ҳур фикрлик орқали маънавий оламни янада кенгайтиради.

Мусиқа моҳиятига кўра инсон омилини тадқиқ қилиш ва дунёни бадиий ўзлаштиришнинг муҳим усулларидан ҳисобланиб, инсон руҳий, ахлоқий камолоти ва маънавиятининг шаклланишида, ёшларнинг маънавий тарбиясида етакчи омиллардан биридир.

Мусиқанинг инсон руҳиятига таъсир қилиши борасидаги кенг имкониятлари қадимданоқ мусиқашунослар, мутафаккирлар ва олимлар диққатини ўзига жалб этган. Улар мусиқа санъатининг инсонни шахс сифатида шаклланишига таъсир қиладиган хусусиятларини аниқлашга уринишган.

Дарҳақиқат, жаҳон фани ва маданияти ривожига катта таъсир кўрсатган улуғ аждодларимиз комил инсонни тарбиялашда мусиқанинг ўрнини чуқур англаб, унинг шахс камолотида тарбиявий аҳамиятига юксак баҳо берганлар. Буюк мутафаккирлар Фаробий, Ибн Сино, Абдулқодир Мароғий, Шарофиддин Али Яздий, Исматуллоҳ Мўжизий, Маҳмуд Қошғарий, Қутбиддин Шерозий, Жомий, Кавкабий, Фахриддин Муборакшоҳ, Ҳусайний, Дарвеш Али Чангий, Комил Хоразмий, Набоий, Бобур каби алломаларнинг қатор асарларида келтирилган мусиқага оид маълумотлар бугунги кунда ҳам ўз илмий ва тарбиявий аҳамияти билан долзарблигига гувоҳ бўламиз.

Шарқ халқларида қўлланилган мусиқа назариясининг юзага келишида, аввало, Абу Наср Фаробийнинг хизмати катта бўлиб, буюк мутафаккирнинг ёзиб қолдирган «Мусиқа ҳақида катта китоб» асари бой ижодий мерос бўлиб, ўзидан сўнгги даврларда яшаб, ижод этган олимлар учун нодир ва бебаҳо манба вазифасини ўтади.

Улуғ аждодимиз Абу Али Ибн Сино Форобий изидан бориб, мусиқа назарияси ривожини янада юқори босқичга кўтарди. Ибн Синонинг «Китоб аш-шифо» («Шифо китоби»), «Донишнома» («Билим китоби»), «Рисолатун фил-илми мусиқий» («Мусиқа илми ҳақида рисола») ва бошқа асарлари моҳиятига кўра нафақат Ўрта Осиё, балки жаҳон мусиқа фани ва маданияти тарихида алоҳида аҳамиятга эга. Ибн Сино мусиқанинг инсон саломатлиги билан бир қаторда маънавиятига ҳам таъсир этиши ҳақида илгари сурган ғоялари унинг нечоғли юксак тафаккур соҳиби эканидан дарак беради.

Яна бир буюк олим Ал-Хоразмий ҳам бу борада самарали ижод қилиб, бугунги кунда Ўрта Осиё халқлари фани ва маданияти тарихини ёритишда муҳим манбаларидан бири бўлган «Мафатих ул-илм» («Илмлар калити») энциклопедиясини яратди. Мазкур энциклопедиянинг мусиқа назариясига бағишланган махсус қисмида Шарқ халқлари мусиқа назариясининг ўзига хос жиҳатлари кенг қамровда тадқиқ этилган.

Темурийлар даврида яшаб ижод этган буюк аллома Абдураҳмон Жомий ҳам «Рисолаи мусиқий» асарида мусиқа таълимоти ва унинг инсон маънавий камолотида тутган ўрни ҳақида мангуликка дахлдор фикрларни билдирган. Мутафаккир мусиқанинг бутун инсон умри ва ҳаёти, фалакиёт ва табиат билан боғлиқ жараён эканлигини, мусиқа туйғулар гармониясига, инсон билан табиат ўртасидаги уйғунликка чорловчи фаолият эканлигини исботлашга ҳаракат қилган.

Шарқда мусиқа санъати доимо шеърият билан уйғун тарзда ривожлангани боис турли даврларда яшаб ўтган шоир ва мутафаккирларимиз мусиқа санъати, унинг қудратини таърифлаб шеърлар битган, асарлар ёзиб қолдирган. Жумладан, буюк мутафаккир шоир Алишер Навоийнинг «Мезон ул-авзон», «Мажолису-н-нафоис» асарларида мусиқанинг сир-саноати хусусида қимматли фикрлар баён қилинган. “Алишер Навоий «Мажолис ун-нафоис» асарида мусиқа илмини Хожа Юсуф Бурхондан ўрганганлиги ҳамда унинг шогирди эканлиги ҳақида ёзади”.[3.323.]

Шунингдек, яна бир аждодимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг «Бобурнома» асарида ҳам Навоийнинг мусиқа соҳасидаги истеъдодига оид кўплаб нодир маълумотлар учрайди.[4.154.]

Дарҳақиқат, беқиёс истеъдоди ва тафакури билан жаҳон фани ва маданияти ривожига катта таъсир кўрсатган аждодларимизнинг мусиқий қарашлари ҳозирги кунда ҳам аҳамиятини йўқотгани йўқ. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, ҳар бир авлоднинг мусиқий тафаккурининг шаклланишида аждодларнинг мероси муҳим манба бўлиб хизмат қилади.

 

Адабиётлар

 

1.                  Каримов И.А. Юксак маънавият – енгилмас куч. Тошкент: Маънавият, 2008 й., 176-бет.

2.                  Асафьев Б. В. Музыкальная форма как процесс. Л.: Госуд. муз. изд., 1971г., - стр 372.

3.                  Навоий. 9-жилд.,2011й. -768 бет.

4.                  “Бобурнома”, Т., 1989 й. 368-бет.

 

Поступила в редакцию 13.11.2015 г.

2006-2019 © Журнал научных публикаций аспирантов и докторантов.
Все материалы, размещенные на данном сайте, охраняются авторским правом. При использовании материалов сайта активная ссылка на первоисточник обязательна.