ISSN 1991-3087
Рейтинг@Mail.ru Rambler's Top100
Яндекс.Метрика

НА ГЛАВНУЮ

Вопросы физического воспитания в трактовке восточных мыслителей

 

Чориева Феруза Амруллаевна,

преподаватель кафедры методики дошкольного и начального образования Каршинского государственного университета.

 

Жисмоний тарбия масалалари шарқ мутафаккирлари талқинида

 

Чориева Феруза Амруллаевна,

Қарши ДУ Мактабгача ва бошланғич таълим кафедраси ўқитувчиси.

 

Жисмоний тарбия ўқувчиларда жисмоний ва иродавий сифатларни шакллантириш, уларни ақлий ва жисмоний жиҳатдан меҳнат ҳамда Ватан мудофаасига тайёрлашга йўналтирилган педагогик жараён бўлиб, ижтимоий тарбиянинг ажралмас таркибий қисми сифатида намоён бўлади.

 Жисмоний тарбия ёш авлод тарбиясида ўз ўрнига эга. Инсон ўз ҳаёти давомида мукаммал соғ-саломатликка интилади. Тана соғлиғи эса ахлоқнинг соғлигини таъминлаб беради.

 Ўқувчиларни жисмоний тарбиялаш жарааёнида қуйидаги асосий вазифалар ҳал этилади. Биринчи вазифа- соғлиқни мустаҳкамлаш, тана аъзоларини чиниқтириш, жисмоний жиҳатдан тўғри ривожланиш ҳамда унинг иш қобилиятининг ошишига таъсир этишдир.

 Ёшларни соғлом бўлиб вояга етишларини таъминлаш масаласи ҳар бир даврда халқ оғзаки, мутаффаккирлар асарларида ўз ифодасини топган. Мана шундай мутафаккирлардан бири Абу али Ибн Сино асарларида кўришимиз мумкин.

Абу али Ибн Сино бутун мусулмон Шарқининг улкан қомусий олими, жаҳон илми ва маданиятининг энг машҳур намоёндаларидан биридир. Ибн Сино ўрта аср фанининг турли соҳалари-фалсафа, тиббиёт, табиатшунослик, бадиий адабиёт фани бўйича ёзган асарлари билан маданиятимизда ўчмас из қолдирган ва “Шайх-урраис” унвони билан тақдирланган.

Таълим-тарбия тизимига жисмоний тарбиянинг киритилиши Ибн Синонинг таълим-тарбия соҳасидаги буюк хизматларидан биридир. Ибн Сино “Тадбиру манозил”, “Тиб қонунлари” асарларида бола катта бўлгунча унинг жисмоний камолотига алоҳида эътибор бериш лозим. Унинг уқтиришича, одамнинг йигитлик, етуклик ёшида ҳамда улғайган ёшида соғлиқ-саломатлигини сақлаш учун зарур бўлган жисмоний машғулот билан шуғулланиши лозим. Тана аъзоларининг мўътадил фаолияти учун ҳаракат жуда зарурдир. Буюк ҳаким Абу Али ибн Сино: “Бадантарбия –соғлиқни сақлашда улуғвор усулдир”,- дейдики, бу фикр: “Кимки қилса ҳаракат-соғлиғида бўлар ҳаракат”- деган нақлни эслатади.

Риёзатсиз ётишдан кўп топма роҳат,

Бу роҳатдан тополмассан ҳеч бир манфаат.

Жим ётсанг ифлоз хилт-ла тўлар бадан,

Ғизоча ҳеч ҳозирланмас бирор маскан.

Абу али Ибн Сино инсонга хос бўлган ижобий фазилатларни санаб ўтар экан, қуйидагиларни алоҳида таъкидлайди:

1.                  Жасурлик-бирор ишни бажаришда кишининг жасурлиги, чидамлилиги, инсон бошига тушган ёмонликни тўхтатиб турувчи қувват.

2.                  Ақллилик- бирор ишни бажаришда шошма –шошарлик қилишдан сақловчи қувват.

3.                  Зийраклик- сезги берган нарсаларнинг ҳақиқий маъносини тезлик билан тушунтиришга ёрдам берувчи қувват.

Улуғ мутафаккир жисмоний тарбия деб инсон саломатлиги учун зарур бўлган баданни турли хил машғулот ҳаракатларини ўргатишни назарда тутади. Унинг фикрича, жисмоний машғулотлар билан ўз вақтида ва мустақил шуғулланиб борувчи одам ҳеч қандай даволанишга муҳтожлик сезмайди. Жисмоний машғулот инсон руҳини тетиклаштиради. Аммо жисмоний машғулот ортиқча бўлмаслиги ҳам керак, акс ҳолда баданнинг тезда чарчаб қолишига олиб келади. Жисмоний машғулотлардан воз кечиш эса, баданнинг қариб тезда ишдан чиқишига сабаб бўлади. Ҳар бир инсон ўзининг хулқ-атвори, имкониятлари, қобилияти, ҳохишига қараб жисмоний машғулот турини белгилаб олиши керак.

Кайковус “Қобуснома” асарида жисмоний тарбияга алоҳида эътибор қаратган. Зеро, Кайковус асарини жувонмардлар тарбиясига бағишлар экан, уларнинг энг аввало жисмонан соғлом бўлиб камолга етишини алоҳида таъкидлайди. Асардаги “Шикорга чиқмоқ зикрида”, “Чавгон ўйнамоқ зикрида”, “Уруш қилмоқ чикрида”, “Сипоҳгарлик зикрида” бобларида кўришимиз мумкин. Кайковус ҳар бир тартибли, ақлли киши ўз вақтини тўғри тақсимлаши ва ундан тўғри фойдаланишини тавсия этади: “Ҳунарманд (ақлли) кишилар ўзларининг ҳар бир ишларини аниқ вақтни тўғри тайин этубдурлар. Улар кеча ва кундузнинг йигирма тўрт соатини ўз ишларига тақсим қилибдурлар. Бир ишни яна бир ишдан фарқ этиб, унга вақт, ҳад (чегара) ва андоза пайдо қилибдурлар, токи ишлар бир-бирига аралашмағай”.

Кайковус бир кеча кундузни шундай тақсим этади: “Саккиз соати ибодатга, саккиз соати ишратга ва руҳни тоза қилмоққа, саккиз соатни мана шу ўн олти соат давомида қийналган аъзоларга ором бермакка тайин этмоқ керакдур, токи аъзо ҳаракат такаллуфидан осуда бўлсин”.

Алишер Навоий ўз асарларида ёш авлодни жисмонан соғлом бўлиш масаласига алоҳида тўхталиб ўтади. Биз буни “Фарход ва Ширин” достонидакўришимиз мумкин. Фарход, Қайс, Искандар образларида жисмоний камолотга эришиш йўлларини тасвирлаб беради.

Муслиҳиддин Саъдий Шарқ мумтоз адабиётининг бутун дунёга машҳур йирик намоёндаларидан бири. Муслиҳиддин Саъдий Шерозийнинг “Гулистон” ва “Бўстон” асарларидаги таълимий-ахлоқий қарашлар баркамол инсонни тарбиялашда ўз ўрнига эга. Саъдий Шерозийнинг “Гулистон” асари бутун дунёда шох асар сифатида тан олиниб, дунё тилларига таржима қилинган. Саъдий Шерозий ушбу асарида жисмоний тарбияга оид қарашларини алоҳида баён этган. Шундай ҳикоя келтирилади: “Боқўш яланг ва оёқ яланг бир пиёда мусофир Ҳижоз карвони билан Куфадан келиб бизга қўшилди. Унинг ҳеч нарсаси йўқ эди, лекин виқор билан қадам ташлаб дер эди:

Хачир миниб бормайман, на туяда юким бор,

На султоннинг қулиман, на қулларга шахриёр.

Дунёда ҳеч қайғум йўқ, дилим қўрқувдан озод,

Хотиржаман, бус-бутун, кўнглим эса доим шод.

Туя минган бойлардан бири унга деди:

Эй, дарвеш, қаёққа борасан, йўл оғир, йўл машаққатига бардош бера олмай ўлиб кетасан. Қайт орқангга. Дарвеш унинг гапига қулоқ солмай, йўлида давом этаверди.Карвонимиз Нахлаи Маҳмудга етганида бояги туя минган бой оламдан ўтди. Дарвеш унинг ўлиги тепасига келиб деди:

Мен пиёда юриш машаққатидан ўлмадиму, сен нор туяда юриш машаққатидан ўлдинг!”

Бир талай арғумоқ йўлларда қолди,

Манзилга оқсаган эшак эта олди.

Ярали йигитлар соғайиб кетди,

Не – не соғломларни қора ер ютди.

Мазкур ҳикоят орқали чиниқиш, бадантарбия, ҳаракат қилишнинг инсон саломатлиги учун муҳимлиги кўрсатиб берилган. Шу билан бирга жисмонан соғ инсоннинг ўзига ишонч, ҳаётга яхши кўз билан қараши келтирилган.

Буюк мутафаккирламиздан Кайковус, Алишер Навоий, Абу Али ибн Сино, Саъдий Шерозийларнинг жисмоний тарбия ҳақидаги фикрлари бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган ва ўқувчи-ёшларнинг жисмоний камолотида муҳим восита бўлиб хизмат қилади.

 

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати

 

1.                  Педагогика / проф. М.Х.Тохтаходжаеванинг умумий таҳрири остида.- Т.: Ўзбекистон файласуфлари миллий жамияти” нашриёти, 2010 й.

2.                  Мавлонова Р ва бошқалар. Педагогика Т.: Ўқитувчи. 2010 й.

3.                  Зуннунов А. Ўзбек педагогикаси тарихи. Т.: Ўқитувчи. 1997. 267-б.

4.                  Ҳошимов К. Педагогика тарихи. Т.: Ўқитувчи. 1996. 265-б.

 

Поступила в редакцию 04.12.2015 г.

2006-2019 © Журнал научных публикаций аспирантов и докторантов.
Все материалы, размещенные на данном сайте, охраняются авторским правом. При использовании материалов сайта активная ссылка на первоисточник обязательна.