ISSN 1991-3087
Рейтинг@Mail.ru Rambler's Top100
Яндекс.Метрика

НА ГЛАВНУЮ

Великий узбекский просветитель

 

Хамраев Шухрат Элиевич,

кандидат педагогических наук, старший преподаватель,

Шодиев Бектош Курбоналиевич,

заведующий отделом организации учебного процесса.

Кашкадарьинский областной институт переподготовки и повышения квалификации работников народного образования, Узбекистан.

 

Буюк ўзбек маърифатпавари

 

Ҳамроев Шухрат Элиевич,

Қашқадарё вилояти халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакаасини ошириш институти катта ўқитувчиси, педагогика фанлари номизоди, Узбекистан,

Шодиев Бектош Қурбоналиевич,

Қашқадарё вилояти халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакаасини ошириш институти ўқув жараёнини ташкил этиш бўлими мудири, Узбекистан.

 

XIX асрнинг охири – XX аср бошларида Туркистон ўлкасида жадидчилик ҳаракатининг шаклланишида, янги усул мактабларининг ривожланишида буюк ўзбек маърифатпарвари Мунаввар қори Абдурашидхоновнинг муносиб ҳиссаси бор. Туркистон ўлкаси ижтимоий-сиёсий ҳаётида М. Абдурашидхоновнинг фаолияти муҳим аҳамият касб этади.

У қуйидаги ишларни амалга оширган: -Туркистонда янги усул мактабларини очилиши бевосита уларнинг фаолияти билан боғлиқ, 1901 йилда аввал ўз уйида, кейинроқ эса шаҳарнинг бошқа жойларида янги усулдаги мактаблар очган, уч йил давомида беш йиллик билимни беришга муваффақ бўлган, кейинчалик яна “Усули жадид” мактабини ташкил қилади;

- у ўша давр талабига жавоб бера оладиган дарслик китобларини ёзган, нашр қилдирган. Чунончи, “Адиби аввал”, “Адиби Соний” “Усули ҳисоб”, “Ҳавойижи диния”, “Тажвид”, “Тарихи қавми турк”, “Тарихи анбиё”, “Тарихи исломия”, “Сабзовор” (тўплам), “Ер юзи”, “Ўзбекча тил сабоқлиги” каби дарсликларини ёзади. Биринчилардан бўлиб “Намуна” мактабини ташкил қилиб рус тилини ҳам ўқита бошлайди;

- Туркистон халқларининг сиёсий онгини оширишга, ўлка ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этишга ундаш учун бир қатор газета ва журналлар ташкил қилган, “Ўрта Азиянинг умргузоронлиги”, “Тараққий” газеталарида ходим бўлиб мунтазам чиқишлар килган. 1906 йил 6 сентябрдан эса “Хуршид” газетасини чиқарди. Унинг фаол иштироки ва ташаббуси билан А. Авлонийнинг 1907 йил 1 декабрдан “Шуҳрат” газетаси чиқа бошлайди. “Шуҳрат” газетаси ҳам 10-сони 1908 йил 19 февралдан кейин ёпиб қўйилган. 1914 йилнинг 4 апрелидан Убайдуллахўжа Асатилло Хўжаевнинг “Садойи Туркистон” газетаси чиқа бошлаган. Убайдуллахўжа Асатилло Хўжаевга Мунаввар қори яқиндан ёрдам берган, баъзан эса муҳаррирлик ҳам қилган;

-           Мунавварқори 1909 йил 12 майда А. Авлоний, Тошҳожи Туёқбоев, Қори Низомиддин бин мулло Ҳусайн, Боширулла Асатиллахўжаев каби маърифатпарварлар билан ҳамкорликда “Жамияти хайрия” очади. Жамиятнинг 41 моддадан иборат Низомида мақсад- Туркистон вилоятидаги ночор, муҳтож мусулмонларнинг моддий-маънавий аҳволини яхшилаш, етимлар, кексалар, ногиронлар учун касалхона, амбулатория, чойхона, ошхона, ётоқжойлар очишдан бошлаб ёшларни мактабда ўқитиш, олий маълумот олиш учун чет элларга юбориш каби масалалар кўрсатиб берилган. Мунавварқори “Жамияти хайрия”да раис муовини бўлиб ишлаган ва ёшларни хорижда ўқишларига катта ҳисса қўшган;

- 1913 йилда У. Хўжаев, Мунавварқори, Т. Норбўтабеков, А. Авлоний, К. Норбеков, М. Подшохўжаев, Б. Асадуллахўжаев, К. Бобохўжаев, Н. Асамиддинхўжаев кабилар томонидан “Турон” жамияти тузилади. “Турон” жамияти қошида “Нашриёт”, “Мактаб” ширкатларидан ташқари “Турон” кутубхонаси, “Турон” театр труппаси ташкил қилинган;

- Мунаввар қори ва унинг ҳаммаслаклари 1914 йил 30 августда “Нашриёт” ширкатини туздилар. “Нашриёт”дан мақсад-Туркистон ўлкасидаги мусулмон аҳолиси ўртасида умумевропа маданияти ва маърифатини газеталар, журналлар, китоблар ва уларнинг савдоси орқали ёйиш бўлган, кейин эса “Мактаб” ширкатини очилишига катта ҳисса қўшган. Кейинроқ ҳамфикр дўстлари билан “Кўмак” уюшмасини тузади. Хорижда ўқиётган талабаларни моддий кўмаклашиш уюшманинг асосий мақсади эди. Туркистон ва Бухоро республикалари томонидан 60дан ортиқ талаба хорижда ўқиш учун юборилган бўлса, 1923 йил Германияда бухороликлар 51 нафар талаба бўлса, туркистонликлар 11 нафарни ташкил қилган. Бунча талабани хорижда ўқиши, яшаши учун Мунаввар қори раис муовини бўлган “Кўмак” уюшмасининг ҳам ўз ўрни бор.      

- 1918 йил 9 апрелда Мунаввар қори бошчилигидаги жадидлар ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетини, М. Беҳбудий бошчилигидаги самарқандлик маърифатпарварлар Самарқанд Давлат университетининг тамал тошини қўйдилар. Шуни таъкидлаш жоизки, Мусулмон Халқ дорилфунунидан ташқари А. В. Попов бошчилигида рус тилида сўзлашувлар учун 1918 йил 21 апрелида университет ҳам очилган очган эди;

-                     Туркистон ижтимоий - сиёсий ҳаётида фаол иштирок қилиб, Ўлка мусулмонларининг IV съездини ташкил қилиш ва ўтказишда Мунаввар қори ҳам фаол иштирок қилди, президум аъзоси бўлди. У “Ҳуррият берилмас, олинур. Ҳеч нарса ила олуб бўлмас, фақат қон ва қурбон илагина олиб бўлур” деб хитоб қилди. Тошкентда Қўқон мухториятини қўллаб-қувватлаб митинг ташкил қилди. Маълумки, Қўқон мухторияти аёвсиз бостирилиб 180 қишлоққа ўт қўйилиб 10 минг туркистонлик ўлдирилди. 1918 йилда Тошкент эски шаҳар маориф инспектори бўлиб, кейинроқ эса Туркистон мухтор шўролар жумхуриятининг мусулмон маорифи бўлими комиссари лавозимида ишлаган. 1921 йил 1 сентябр куни Бокуда Шарқ халқлари қурултойи бўлган. Қурултойда Туркистоннинг деярли барча шаҳарларидан вакиллар иштирок этди.   Қурултой пайтида “Шарқда ҳамкорлик ва тарғибот кенгаши” тузилиб, кенгашга Мунаввар қори, Т. Нобўтабеков, О. Маҳмудов, Т. Рисқулов, С. Жўрабоев, Т. Жонузоқов сайландилар. Боку қурилтойидан сўнг Мунаввар қори Ф. Хўжаевнинг таклифи ва Маориф халқ комиссарлиги йўлланмаси билан Бухорога бориб вақф бўлимининг мудири, 1927-1928 йилларда Ўзкомстарсис ташкилотининг Самарқанд музейи ходими, шу қўмитасининг Тошкент-Фарғона бўлимида масъул котиб бўлиб ишлади.

1928 йилда “Мунаввар қори тўдаси” деган иш очилиб 87 киши тергов қилинади. Москвада 1931 йил 23 май куни Мунавварқори, Саид Аҳрорий, Нажмиддин Шермуҳаммедов, Салимхон Тиллахонов, Тангриқул Мақсудов каби 15 киши отилади. 31 киши 10 йилга, 19 киши 5 йилга, қолганлар ҳам турли муддатга лагерларга сургун қилинади. Бутун ҳаётини халқ маорифига, унинг бахт-саодатига бағишлаган, юрт озодлиги, мустақиллигига бағишлаган ўнг минглаб жадидлар каби Мунаввар қори ҳам қатағон қурбонига айланди. 1933 йилда бутун дунё Мунаввар қорининг фожеали ўлимидан хабар топди. 1934 йил Мустафо Чўқаевнинг “Ёш Туркистон” журналида хотиралари чоп этилди. У Парижда Мунавварқориниг хотира кечасини ўтказди. Афсуски, ўзбек халқи унинг ўлими ҳақидаги ҳақиқатдан мустақилликка эришгандан кейин хабар топди. Мустақиллик даври ёшлари Мунаввар қори каби ўнг минглаб жадид фарзандларини асло унутмайди. Жадидлар ҳақида ҳали кўплаб илмий-тадқиқот ишлари олиб борилади деган умиддаман.

 

 Адабиётлар

 

1.                  Қосимов Б. “Миллий уйғониш”. Т.: Маънавият. 2002, 108-бет.

2.                  Мунаввар қори Абдурашидхон ўғли. Адиби соний. Тошкент: Ғулом Ҳасан Орифжонов литографияси, 1912.

3.                  Мунаввар қори Абдурашидхонов “Хотираларимдан” Тошкент: “Шарқ” НМК, 2001.

 

Поступила в редакцию 24.04.2017 г.

2006-2019 © Журнал научных публикаций аспирантов и докторантов.
Все материалы, размещенные на данном сайте, охраняются авторским правом. При использовании материалов сайта активная ссылка на первоисточник обязательна.