ISSN 1991-3087
Рейтинг@Mail.ru Rambler's Top100
Яндекс.Метрика

НА ГЛАВНУЮ

Технологический подход к высшему образованию


Хайдарова Олия Каххаровна,

доцент кафедры информационно-образовательных технологий Каршинского филиала Ташкентского университета информационных технологий.

 

Олий таълимга технологик ёндашув

 

О.К.Хайдарова,

Тошкент ахборот технологиялар университети Қарши филиали “Ахборот-таълим технологиялари” кафедраси доценти.

 

Бугунги кунда жамиятнинг ривожланиши унда камол топаётган ёш авлод тарбияси учун масъул бўлган ўқитувчи меҳнатининг самараси билан боғлиқ. Ўқитувчи зиммасига юклатилган вазифаларни нечоғлик виждон, ақл ва касб маҳорати билан бажариши жамият келажагини таъминловчи муҳим омилдир.

“…замонавий билим бериш учун, аввало, мураббийнинг ўзи ана шундай билимга эга бўлиши керак”.[2, 4]

Таълимга технологик ёндашувнинг моҳияти шундан иборатки, у, биринчидан, таълим жараёнини олдиндан лойиҳалаш ва сўнгра синфда, аудиторияда ўқувчилар билан бирга лойиҳани қайта ишлаб чиқишни назарда тутади.

Иккинчидан, анъанавий педагогикада методик ишланмалар ўқитувчи дарс ўтиши учун тузилса, педагогик технология – ўқувчини ўқув-билув фаолиятининг шакллари ва мазмунини тасвирлайдиган таълим жараёни лойиҳасини ишлаб чиқишни таклиф этади.

Учинчидан, педагогик технологиянинг муҳим белгиси – мақсад ҳосил қилиш жараёнидир. Анъанавий педагогикада «педагогик мақсад» масаласига назариётчилар ҳам, амалиётчилар ҳам кам эътибор берганлар, мақсад – методик адабиётларда ҳам ноаниқ ифодаланиб, унга эришиш даражаси ҳам субъектив баҳоланган.

Педагогик технологияда педагогик мақсадни аниқлаш асосий муаммо бўлиб, мақсадни диагностик ифодалаш, билим ўзлаштириш сифатини объектив баҳолашни назарда тутилади.

Ниҳоят тўртинчидан, таълим жараёни тузилиши ва мазмуни жиҳатидан яхлитлиги – педагогик технологияни ишлаб чиқиш ва амалга оширишнинг муҳим принципи ҳисобланади.

Демак, педагогик технология – амалиётга тадбиқ қилиш учун ишлаб чиқилган маълум бир педагогик тизим лойиҳаси бўлиб ҳисобланади. Бу лойиҳа мукаммал бўлиши учун ҳар бир педагог таълимга технологик ёндашув малакасига эга бўлиши зарур.

Таълим ишига технологик ёндашув:

- ўқиш-ўқитиш жараёнини ўзаро узвий боғлиқ этаплар, фазалар, амалларга ажратиш, бўлишни;

- таълим жараёнида мўлжалланган натижага эришиш учун бажариладиган ҳаракатларни мувофиқлаштириш, кетма - кет, босқичма - босқич амалга ошириш;

- лойиҳалаштирилган ишлар, амалларнинг барчасини бирдек бажаришни назарда тутади.

Педагогик фаолиятни технологик ёндашув асосида ташкил этишнинг ривожланиши ўқитувчи маҳоратини шакллантириш жараёнини тубдан ўзгартириш билан чамбарчас боғлиқ. Булар педагогик ҳодисаларни тушуниш ва унга баҳо бериш кўникмаси ва шу соҳадаги билимларига таяниб ўз-ўзини ва ўзгаларни англаш, ўзига танқидий баҳо бера олиш, ўзаро алоқа воситаларини излашдан иборатдир.

Бунинг учун педагогик фаолиятга технологик ёндашувнинг шаклланишида муҳим аҳамиятга эга бўлган сабабларга асосий эътибор қаратиш лозим.

Бўлажак ўқитувчини тайёрлашда олий ўқув юртидаги ўқитиш жараёнини педагоглаштириш муҳим. Бундай ўқитишнинг мазмуни қуйидагича бўлиши мумкин:

1) ҳар қандай фанни ўқитишда факультет хусусиятини эътиборга олиш;

2) ижтимоий фанларни ўқитишни факультет мутахассислигига яқин фанлар билан мустаҳкам боғланишини амалга ошириш;

3) иложи борича ўқитишда мактаб ва ўқитувчилар тажрибасидан кенг фойдаланиш;

4) зарур бўлган ҳолларда мактаб дастурларини таҳлил қилиш;

5) келгусида талаба мактабда дарс бериши лозим бўлган фанларни ўқитишга алоҳида эътибор бериш (фақат билим бериш билангина чекланмасдан, унга шу предметларни моҳирлик билан ўқитиш йўлларини ўргатиш, кўникма ва малакалар билан қуроллантириш);

6) талабаларнинг педагогик технология сирларини ўзлаштириши учун уларда мустақил ишга интилишни тарбиялаш;

7) талабаларни илмий-тадқиқот ишларига кенг жалб қилиш.

Бўлажак ўқитувчиларни таълим жараёнини технологик ёндашув асосида ташкил этишга тайёрлашда педагогик фаолиятнинг мотивларини ҳар томонлама ривожлантириш орқали педагогик технологиянинг моҳиятини тушуниш, шунга доир билим, кўникма ва малакаларни чуқур эгаллаш, таълим жараёнига технологик ёндашувнинг илмий асосларини яратиш, педагогик фаолиятга технологик ёндашув асосларини белгилаб бериш, ўқитувчилар фаолиятидаги технологик ёндашувнинг ўзига хос қирраларини очиб бериш лозим.

Таълим жараёнини педагогик технологияга биноан ташкил этиш учун лойиҳалаштириш босқичида юқори малака талаб этилади.

Дарс лойиҳасининг ҳар бир элементида маълум бир малакаларни шакллантириш мақсади бўлиб, уларни бир қанча таълим методлари талаблари ва амалий ишлар воситасида амалга оширилади.

            Дарс лойиҳасида қуйидагиларга эътибор қаратиш зарур:

            1. Мўлжални белгилаш - талабалар диққатини жалб қилувчи фаолиятни аниқлаш. Тарқатма материаллар, хаттахтада ёзиб қўйиладиган саволлар, муаммолар ва ҳоказо.

            2. Мақсад - талабалар бугун нимани ўрганади ва натижада қандай ишни бажара олади (малака). Улар ўқитувчига бугунги ўрганганлари асосида маълум бир фаолият турини бажариб кўрсата олишлари лозим. Бу вазифани қандай бажаришни ўқитувчи белгилайди.

            3. Кириш - ўқитувчи талабалар ўрганиши лозим бўлган материални белгилайди, концепцияни ишлаб чиқади ва малакаларни қандай қулай эгаллаш йўлларини кўрсатади.

            4. Моделлаштириш (намойиш қилиш) - ўқитувчи ўрганилаётганларни ва натижада талабалар эгаллаши лозим бўлган кўникмани чизма шаклида кўрсатади ёки намойиш қилади.

            5. Амалий бошқарув - ўқитувчи талабалар фаолиятини бошқаради. Уларнинг малака эгаллашлари учун изчил раҳбарлик қилади. Талабаларни эшитиш, кўриш сезгиларини ишга солади ва фаолиятга киришишлари учун имконият яратади.

            6. Тушунчаларни текшириш - ўқитувчи турли саволлар ёрдамида талабаларнинг қанчалик тушунганларини дарс давомида текшириб, олға бориш мумкинми ёки йўқлигини аниқлайди. Агар олға бориш мумкин бўлмаса орқага қайтиб бажариладиган ишларни белгилайди.

            7. Мустақил амалиёт - ўқитувчи талабаларнинг ўзларини текшириб кўришлари учун имконият яратади. Талабалар мустақил ўзлари ўрганганларини текшириб кўрадилар.

            8. Дарсни тугаллаш - дарсни хулосалаш олдида талабалар ўз ишларини, ўрганганларини ўқитувчига сўзлаб бериш, намойиш қилиш орқали кўрсатадилар.

 

Адабиётлар

 

1.                  Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги Қонуни. Баркамол авлод – Ўзбекистон тараққиётининг пойдевори. Т.: 1998. Б. 20-29.

2.                  Каримов И.А. Баркамол авлод - Ўзбекистон тараққиётининг пойдевори. – Т.: Шарқ, 1998. Б. 7.)

3.                  Йўлдошев Ж.Ғ. “Таълим янгиланиш йўлида”. – Т.: Ўқитувчи. 2000. - 207 б.

 

Поступила в редакцию 06.06.2017 г.

2006-2019 © Журнал научных публикаций аспирантов и докторантов.
Все материалы, размещенные на данном сайте, охраняются авторским правом. При использовании материалов сайта активная ссылка на первоисточник обязательна.