ISSN 1991-3087
Рейтинг@Mail.ru Rambler's Top100
Яндекс.Метрика

НА ГЛАВНУЮ

Формирование осознания национального сознания у учащихся как социольно-педагогическая проблема

 

Батошов Иннатулла Кунгирович,

преподаватель Регионального центра ППКРНО при Каршинском ГУ, Узбекистан.

 

Ўқувчиларда миллий ўзликни англаш туйғуларини шакллантириш – ижтимоий-педагогик муаммо сифатида

 

Батошов Иннатулло Қўнғирович,

Қарши ДУ ҳузуридаги ХТХҚТМОҲМ ўқитувчиси.

 

Миллий ўзликни англашда миллий туйғуга эга бўлиш ниҳоятда муҳим. Миллий туйғу миллий тилда сўзлашиш, миллий турмуш тарзи мазмунидан келиб чиққан ҳолда фикрлаш, ижтимоий-миллий муносабатларни ташкил этишда асосий эталон вазифасини бажарувчи меъёрлар доирасида фаолият юритишнинг асосини ташкил этади. Миллий туйғуга эга бўлмаган инсон на шахс, на миллатнинг вакили сифатида ўзининг субъектив мавқеини белгилай олмайди, унга миллий ғурур, ор-номус тушунчалари бегонадир. Бинобарин, миллий ўзликни англашгина жамият ҳаётида миллат учун қадриятга айланган омилларнинг устувор ўрин эгаллашига имкон беради. Шу боис таълим муассасаларида ёшлар, шу жумладан, ўспиринларда миллий ўзликни англаш туйғусини шакллантириш, миллий ўзликни сақлаб қолиш эҳтиёжини юзага келтириш ўзига хос долзарблик касб этиб, педагогика фани олдига муҳим вазифаларни қўймоқда. Ўқувчилик йилларида миллий ўзликни англаш туйғусига эга бўлиш, ёш авлоднинг ҳақиқий ватанпарвар бўлиб етишиши учун замин яратади.

Ўқувчиларнинг миллий ўзликни англашларида тарих фани жуда катта имкониятларга эга. Зеро, тарих фанлари ёш авлоднинг аждодлар намунаси, миллий қадриятлар ва миллий турмуш тарзи тўғрисидаги билимларга эга бўлишларини таъминлайди. Шунингдек, тарих саҳифаларидан ўрин олган ватанпарварлик намуналари ёшлар учун кучли таъсир воситасидир. “Тарих хотираси халқнинг, жонажон ўлканинг, давлатимиз ҳудудининг холис ва ҳаққоний тарихини тиклаш миллий ўзликни англашни, таъбир жоиз бўлса, миллий ифтихорни тиклаш ва ўстириш жараёнида ғоят муҳим ўрин тутади.

Ўқувчиларда миллий ўзликни англаш туйғуларини шакллантириш долзарблиги қуйидагиларда ўз аксини топади:

-                     турли ғоявий қараш ва оқимлар ўртасида кескин курашнинг юзага келиши;

-                     таълим муассасаларида тарих фанларини ўқитишда уларнинг ўқувчиларда миллий ўзликни англаш туйғуларини шакллантиришдаги имкониятларидан етарли даражада фойдаланилмаётганлик;

-                     кўп ҳолатларда тарих дарсларининг ўқувчиларга тарихий жараёнлар тўғрисида юзаки маълумотларни бериш, тарихий саналарнинг қайд этилиши билангина чекланаётганлиги;

-                     тарих фанлари таъсирчан кучининг мактаб ўқувчиларининг кучли мафкуравий иммунитетга эга бўлишлари учун етарли даражада йўналтирилмаганлиги каби ҳолатларнинг мавжудлиги билан белгиланади.

Ўқувчиларнинг миллий ўзликни англаш туйғусига эга бўлишлари жамият ривожини таъминлабгина қолмай, айни вақтда уларнинг ҳар томонлама етук, комил шахс бўлиб улғайишларига ёрдам беради. Шу боис миллий ўзликни англаш унинг мазмуни ва моҳиятини истиқлол берган имкониятлардан фойдаланиб, ёшлар тарбиясига доир жиҳатларини педагогик нуқтаи назардан очиб бериш зарурияти бугунги кунда долзарб масала хисобланади.

Демак, миллий ўзликни англаш “ҳар бир миллат (элат)нинг ўзини реал мавжуд субъект, муайян моддий ва маънавий бойликларни ифодаловчиси, ягона тил, урф-одатлар, анъаналар, қадриятлар ва давлатга мансублигини, манфаатлар ҳамда эҳтиёжлар умумийлигини тушуниб етиш”, “этник гуруҳ, элат ва миллат вакилларининг ўзаро муносабатларда ўз ўрни, ижтимоий ҳаётда ўз ҳақ-ҳуқуқи, миллий эрки, маънавий ва сиёсий қадр-қимматига эришиш ҳамда уни амалда таъминлаш ... жараёни”, “барча инсоний фазилатларнинг ибтидоси бўлиб, халқимизнинг тарихий хотираси, ижтимоий-маънавий ҳаёти, миллий мероси, урф-одат ва анъаналари, қадриятлари, руҳияти ҳақида мустаҳкам билим, кўникма ва малакалар бирлигига эришиш, уларни онгли равишда баҳолаш, маънавий ҳис-туйғуларнинг ижобий баҳоланишига эришиш, ўзини онгли равишда бошқариш, Ватан туйғуси билан яшаш, унинг тараққиётига ўз ҳиссасини қўшиш, она тилини эъзозлаш ва бошқа миллатларга ҳурмат ила муносабатда бўлиш каби фазилатларни ўзида мужассамлаштириш мажмуи”, “миллий манфаатлар нималардан иборатлигини тушуниб етиш, чуқур идрок этишдир”.

Хулоса қилиб айтганда миллий ўзликни англаш: ўзи мансуб бўлган миллат ўтмиши, тарихи ва тараққиётидан чуқур хабардор бўлиш; унинг тили ва миллий-этник хусусиятларини ҳурмат қилиш; миллий урф-одатлар, анъаналар, қадрият ва маданият руҳида тарбияланишга эҳтиёж сезиш; миллатнинг инсоният цивилизациясига қўшган ҳиссасидан фахрланиш; миллий-ижтимоий турмуш тарзининг ўзига хослиги миллатнинг муҳим белгиларидан бири эканлигини тушуниб етиш; миллийлик ва давлат мустақиллигини ифода этувчи рамзлар (давлат байроғи, тамғаси, мадҳияси) миллатнинг ор-номуси, шон-шавкати, ғурури, қадр-қимматини белгиловчи омиллар эканлигини англаш; миллатнинг халқаро майдонда тутган ўрни ва обрўини муносиб баҳолаш, унинг бугуни ва истиқболига ишонч билдира олиш; ижтимоий-миллий муносабатлар жараёнида ўзга миллат ва элатлар билан тенг ҳуқуқли ҳамкорликка эришиш демакдир. Бу ҳолатлар шахсда миллий ўзликни англаш туйғусининг шаклланганлик даражасини белгиловчи мезонлар ҳисобланади.

 

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати

 

1.                  Каримов И. А. Баркамол авлод – Ўзбекистон тараққиётининг пойдевори.- Т.: Шарқ нашриёт-матбаа концерни, 1997. –319 б.

2.                  Каримов И. А. Жамиятимиз мафкураси халқни-халқ, миллатни-миллат қилишга хизмат этсин // Тафаккур ж. 1998. 2-3-сон. - 2-16-б.

3.                  Каримов И.А. Юксак маънавият – енгилмас куч. – Т.: “Маънавият”, 2008.

 

Поступила в редакцию 16.03.2018 г.

2006-2019 © Журнал научных публикаций аспирантов и докторантов.
Все материалы, размещенные на данном сайте, охраняются авторским правом. При использовании материалов сайта активная ссылка на первоисточник обязательна.